Инсон – онгли мавжудот . У ҳар доим яхши яшашга интилиб келган. Айиқнинг қорни тўйса , инига кириб ухлайди. Инсон эса эришган нарсаси ва мавқеи билан қаноатланмайди. У яхшироқ овқатланиш, яхшироқ кийиниш, яхшироқ турмуш шароитига эга бўлиш, яхшироқ мартабага эришиш, яхшироқ билим олишга ва ҳоказоларга интилиб яшайди. Инсонга ҳар доим нимадир етишмайди. Шу боис , инсон эҳтиёжларининг поёни ва чеки йўқ. Инсон эҳтиёжлари маълум шахс ёки гуруҳга тегишли бўлишига кўра , шахсий эҳтиёжлар ва ижтимоий эҳтиёжлар каби турларга бўлинади. Эҳтиёж – инсоннинг муайян шароитда яшаши ва камол топиши учунг зарур бўлган нарсаларга муҳтожлиги.
Шахсий эҳтиёжлар деб алоҳида олинган шахсгагина тегишли бўлган шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак, газета ўқиш каби эҳтиёжларга айтилади. Ижтимоий эҳтиёжлар эса кишиларнинг ёнма-ён , ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши билан боғлиқ , биргалашиб қондириладиган , хусусан , мактабда билим олиш, жамоат транспортидан фойдаланиш каби умумий эҳтиёжларидан иборат бўлади.
Инсон эҳтиёжларини қондириш учун унга турли хил неъматлар зарур бўлади. Бу неъматларнинг баъзилари (ҳаво, сув, қуёш ёруғлиги, иссиқлиги ва ҳоказолар) ни инсонга табиат текин инъом этади. Уларни эркин неъматлар деб атаймиз. Қолганларини эса инсон ўз меҳнати, иқтисодий фаолияти орқали яратиши ва ишлаб чиқариши лозим бўлади. Уларни иқтисодий неъматлар деб атаймиз. Инсон эҳтиёжлари бирор-бир моддий нарса – товарни истеъмол қилиш ёки бирор -бир хизматдан фойдаланиш эвазига қондириши мумкин. Бирор нарсани ишлаб чиқариш учун табиатдан хомашё, инсоннинг жисмоний кучи, билими , турли хил машина ва механизмлар, асбоб-ускуналар, бино ва иншоотлар зарур бўлади. Бу нарсаларнинг барчаси ишлаб чиқариш ресурслари деб аталади. Ишлаб чиқариш ресурслари миқдори эса, афсуски, чегараланган. Шу боис , инсоннинг ҳамма етишмовчиликлари ва эҳтиёжларини тўла қондиришнинг иложи йўқ. Иқтисодчилар бу муаммони чекланганлик муаммоси деб юритишади ва у иқтисодиётнинг асосий муаммоси ҳисобланади.
Одамларнинг чекланган ресурслардан фойдаланиб, поёнсиз эҳтиёжларини тўлароқ қондиришга қаратилган , оқилона хўжалик юритиш йўл-йўриқларини иқтисодиёт фани ўрганади.
чекланган ресрурлардан қай тарзда фойдаланиш инсоннинг маънавиятига ҳам боғлиқ. Маънавий жиҳатдан қашшоқ одам ўз эҳтиёжларининг моддий жиҳатини эътиборга олади, холос. Бу эса охир-оқибат , инсонннинг турмуш тарзига , унинг жамиятдаги мавқеига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис , ҳар бир инсон ўз эҳтиёжларининг маънавий ва моддий жиҳатига аҳамият бериши лозим. Юксак маънавиятли инсон ўз моддий эҳтиёжларни қондирар экан, атрофдаги одамларга ва умуман , жамиятга зиён-заҳмат етказмасликка интилади.
Ишлаб чиқариш ресурслари – маҳсулот ва хизматлар яратиш учун асқотадиган барча нарсалар.
Эркин неъматлар – инсонга табиат инъом этган текин неъматлар.
Иқтисодий неъматлар – инсон иқтисодий фаоляити орқали яратиладиган неъматлар.
Чекланганлик муаммоси – чексиз эҳтиёжлар ва чекланган ресурслар ўртасидаги номутаносиблик.